Олмаота шаҳрида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта куёви билан боғлиқ суд жараёни бошланди.

Н.Назарбоевнинг қизи Дариға Назарбоеванинг турмуш ўртоғи, Қозоғистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Роҳат Алиев хавфсизлик хизматининг собиқ полковниги Арат Нарманбетовни туҳмат қилишда айблаб, судга берган эди.
А.Нарманбетов Р.Алиевни Қозоғистондаги “Нағиз оқ жўл” партияси раҳбари Олтинбек Сарсенбоевнинг ўлдирилишига алоқадорликда айблаганди.
Мухолифат О.Сарсенбоевнинг ўлдирилиши ортида сиёсий сабаблар борлигини таъкидлаб, Р.Алиев ва унинг хотини тергов қилинишини талаб қилмоқда.
Биринчи суд мажлисида А.Нарманбетов ўзини айбсиз, деб айтди.
Кўрсатма бериш учун судга Қозоғистон хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Нортой Дутбоев ҳам таклиф қилинди. У хавфсизлик хизматининг беш ходими О.Сарсенбоевни ўлдиришга гумон қилиниб, ҳибсга олингандан сўнг ўз хоҳиши билан истеъфога чиққан эди.
Суднинг кейинги мажлиси 24 апрелга белгиланди.