Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Рид бугун Афғонистонда бўлди.

Кобулда қилган чиқишида у халқаро коалиция кучларини жанговар кайфият билан терроризмга қарши курашни давом эттиришга чақирди. Жон Рид, шунингдек, Британия ҳарбийлари Афғонистонда яна камида уч йил туражагини маълум қилди.
Ҳарбийлар бажараётган вазифалар тўғрисида гапирар экан, Буюк Британия Мудофаа вазири, жумладан бундай деди.
- Терроризмга қарши амалиётлар АҚШ томонидан амалга оширилмоқда ва назорат қилинмоқда. Бизнинг вазифамиз эса, мамлакатни қайта тиклашга қаратилгандир. Бу масалада Буюк Британия мамлакат жанубида етакчи роль ўйнамоқда. Вазифамиз иқтисодиётни, демократик институтларни, хавфсизлик кучларини тиклашда Афғонистон ҳукумати ва жамоат муассасаларига ёрдам беришдир, - деди Буюк Британия Мудофаа вазири Жон Рид.