Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эронлик ҳамкасби Манучеҳр Муттақийга Эрон уранни бойитиш ишларини тўхтатиши ҳамда БМТ қошидаги Халқаро атом энергияси агентлиги билан тўлиқ ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди.

Россия ва Ғарб ахборот агентликларига кўра, телефон орқали бўлган сўзлашув чоғида Лавров Муттақийга халқаро ҳамжамият ишончини қайта тиклаш учун Эрон томони зудлик билан чора кўришини айтган.
Халқаро атом энергияси агентлиги 27 апрел кунги ҳисоботида Эрон 30 кун ичида уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ҳақидаги Хавфсизлик кенгаши талабини бажармаганини маълум қилган эди. Ҳисоботдан кейин АҚШ халқаро ҳамжамият талабини бажаришга мажбурлаш учун Эронга нисбатан жазо чоралари кўриш ҳақида резолюция қабул қилиш ҳаракатини бошлашини билдирган.
Шанба куни Эроннинг ядровий дастури раҳбари ўринбосари Муҳаммад Саидий агар Эроннинг ядровий дастури билан шуғулланиш вазифаси БМТ Хавфсизлик кенгаши эмас, балки Халқаро атом энергияси агентлигига топширилса, Теҳрон расмийлари Эрондаги ядровий объектларда халқаро текширув ўтказилишига рухсат беришини билдирди.