АҚШ вице президенти Дик Чейни президент Нурсултон Назарбоев билан музокара олиб бориш учун Қозоғистонга келди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, музокаралар чоғида сиёсий соҳада ҳамкорлик қилиш, халқаро ва минтақавий хавфсизлик, савдо ва иқтисодий алоқаларни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, Қозоғистондаги энергия ресурсларини ўзлаштириш масаласи ҳам Чейни ва Назарбоев ўртасидаги учрашув кун тартибига киритилган.
Шанба куни АҚШ вице президентининг Қозоғистон мухолифати вакиллари билан учрашиши кутилмоқда. Бироқ олинган сўнгги хабарларга кўра, Қозоғистон мухолифати раҳбарларидан бири Ғалимжон Жакияновга Дик Чейни билан учрашиш учун Астанага боришга рухсат этилмаган.