Фаластин расмийларининг “Хамас” гуруҳи бошчилигидаги ҳукуматни қийнаётган молиявий тақчиллик вазиятидан чиқиш бўйича келиша олмагани айтилмоқда.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос ва бош вазир Исмоил Хония шанба куни мазкур муаммони муҳокама қилганди.
Маҳмуд Аббоснинг ёрдамчиси Набил Абу Радайнаҳнинг маълум қилишича, “Хамас” гуруҳи АҚШ ва Европа Иттифоқининг молиявий ёрдамни тўхтатиш қарори бекор қилинишига ёрдам бериши мумкин бўлган сиёсий ўзгаришларга рози бўлмаган.
Фаластинда “Хамас” гуруҳи ҳукумат тепасига келгандан сўнг АҚШ ва ЕИ мухториятга берадиган молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйганди. Улар бу гуруҳни зўравонликдан воз кечиш ва Исроилни давлат сифатида тан олишга чақириб келмоқда.