Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеаларига адолатли баҳо бериш учун ҳеч нарса қилмаган.

Бу ҳақда Хьюман райтс уотч ташкилоти баёнот берди. Ташкилотга кўра, Андижон қирғинидан бир йил ўтиб ҳам Ўзбекистонда жиноятчилар жавобгарликка тортилмаган. Қайтанга ҳукумат инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва ноҳукумат ташкилотларига қарши кампанияни кучайтирганини таъкидлаган Хьюман Райтс Уотч ўз баёнотида.
"Биз Андижон воқеалари, хусусан Бобур ва Чўлпон майдонидаги 13 май воқеалари юзасидан адолатли судлов бўлади, халқаро тергов ўтказилади, деб кутган эдик. Аммо бу бўлмади", - дея таъкидлади Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Андреа Берг "Озодлик" мухбирига.
Халқаро амнистия ташкилоти ҳам Андижон воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан шундай баёнот берди. Ҳар икки инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматига халқаро санкцияларни кучайтириш, Андижон воқеаларига масъул бўлиши мумкин бўлган ўзбек расмийларининг бошқа давлатларга боришларини чеклаш ҳамда уларнинг хорижий банклардаги ҳисобларини музлатиш талабини қўйишган.