2001 йил 11 сентябрда “Ал-Қоида” томонидан АҚШга уюштирилган ҳужумларда иштирок этишда айбдор топилган Закариё Мусовий АҚШдаги энг кучайтирилган тартибдаги қамоқхонада умрбод қамоқ жазосини ўтай бошлади.

З.Мусовий шанба куни эрталаб Колорадодаги “Супермакс” федерал қамоқхонасига олиб келинди. У қамоқхонадаги дастлабки 23 соатини ҳеч ким билан алоқа қилмасдан, якка шахс учун мўлжалланган камерада ўтказади.
Франция фуқароси З.Мусовийнинг келиб чиқиши марокашлик. У 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари бўйича судга тортилган ягона айбланувчи бўлиб, суд давомида ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлган ва бундай пушаймон эмаслигини таъкидлаганди. Гарчи ҳукумат З.Мусовий ўлим жазосига ҳукм этилишига умид қилган бўлса-да, суд маслаҳатчилари унга умрбод қамоқ жазоси тайинлаш билан чекланди.