Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот мамлакатнинг тинч мақсадларга қаратилган ядровий дастурларини тугатиш бўйича барча таклифларни рад этишини яна бир бор такрорлади.

Эрон президенти “Ғарбнинг Теҳронга шарт қўйишга уринишини” рад этганини билдирди. Унинг айтишича, Эрон томонининг иштироки ёки розилигисиз Эрон борасида қилинган барча келишувлар ҳеч қандай маъно касб этмайди.
М.Аҳмадийнажот Ғарб давлатлари, хусусан, Буюк Британия, Франция ва Германияни ҳали-ҳунуз мустамлака дунёқараш билан яшаётганликда айблади.
Мазкур уч давлат ташқи ишлар вазирлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат масалалари бўйича раҳбари Хавьер Солана душанба куни Эроннинг ўз ядровий дастурини тугатишга қаршилик билдираётганини муҳокама қилишни режалаштирган.
13 май куни М.Аҳмадийнажот Малайзияга сафари давомида: “Агар бу давлатлар бомбалар билан қуролланган самолётлари билан бошимиз узра учиб, бизни мулоқотга чақирмоқчи бўлса, биз бунга ҳеч қачон рози бўлмаймиз”, - деб айтган эди.