Толиблар жангарилари Афғонистон армиясига қарашли машиналар карвонига пистирмадан ҳужум қилди.

Генерал Раҳматилла Рауфийнинг билдиришича, биринчи ҳужум жума куни тунда Хилманд вилоятида содир бўлган. Қуролли тўқнашувда олти жангари, бир ҳарбий ва бир фуқаро нобуд бўлган. Минтақада отишмалар шанба куни ҳам давом этди.
Афғонистон ҳарбийларига қарши иккинчи ҳужум шанба куни Зобул вилоятида амалга оширилди. Афғон ҳарбийлари жавоб ўти очгани оқибатида “Толибон” ҳаракатининг тўрт жангариси ўлдирилди.
Шунингдек, жума куни Урузғон вилоятида АҚШ ҳарбийлари ва жангарилар ўртасида тўқнашув содир бўлган. Оқибатда бир америкалик ҳарбий нобуд бўлган, олти нафари яраланган.
Шанба куни Қандаҳор яқинида толиблар жангарилари билан тўқнашувда Франциянинг икки ҳарбийси нобуд бўлди. Ҳирот вилоятида афғон жангарилари қўмондони Омонулло Хон граната портлаши оқибатида яраланди.