Индонезиянинг Ява оролига БМТнинг гуманитар ёрдам ортилган самолёти етиб келди.

27 май куни содир бўлган кучли ер силкиниши оқибатида беш мингга яқин киши нобуд бўлди. Омон қолганларга эса биринчи навбатда тоза ичимлик сув, озиқ-овқат ва чодирлар етказилмоқда. Бироқ бу ёрдам ҳали жуда оз.
“Вакилларимиз Индонезия ҳукумати билан бирга дастлабки эҳтиёж кўламини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятларда, аввало, одамларни озиқ-овқат ва жароҳатланганларни эса биринчи ёрдам билан таъминлаш керак. Айнан қандай ёрдам кучлари зарурлиги эса сал кечроқ маълум бўлади”, - деди оролдаги вазиятни шарҳлаган Жаҳон банки раҳбари Пол Вулфовец.
Ҳозир оролда кўплаб кўнгиллилар ишламоқда. Ява аҳолиси эса тунни очиқ осмон остида ўтказяпти. Чунки яна кучли ер силкиниши бўлишидан қаттиқ хавотир бор. Шу боис, Ява оролида уч ой муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилинди.