Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси Қирғизистон чегарачиларини Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, бир фуқарони оғир ярадор қилишда айблади.

www.press-uz.info сайти хабарига кўра, воқеа 1 июнь куни Наманган вилоятида рўй берган. Ўзбекистон расмийсининг билдиришича, тўрт қирғиз чегарачиси республика ҳудудига ноқонуний кирган. Улардан бири отган ўқ Қайроқи қишлоғилик 26 ёшли фуқарони оғир яралаган. Воқеа юзасидан жиноят иши очилган.
Қирғизистон томони ҳозирча мазкур воқеага расмий муносабат билдирмади.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги бир минг 300 километр узунликдаги чегарада бир неча мунозарали ҳудуд бор. Яқинда Ўзбекистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари Қирғистон томонини бир неча текширув пунктини амалдаги келишувга зид равишда ёпиб қўйишда айблаган.
Бошқа хабарларда Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари 9 июнь куни Наманган шаҳрида учрашиб, чегарани белгилаш масаласини муҳокама қилиши айтилади.