Расмий Теҳрон ўз ядровий дастури теграсидаги бўҳронни ҳал этиш учун тақдим қилинган янги таклифларни астойдил кўриб чиқиш ниятида.

Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий япониялик ҳамкасби Таро Асо билан телефон орқали суҳбатида баён қилди.
Халқаро жамоатчилик ҳануз Эронни ўз ядровий дастуридан воз кечишга ундамоқда. Сешанба куни Европа Итифоқи расмийси Ҳавьер Солана БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолари ва Германия тайёрлаган таклифлар мажмуини Эрон ҳукуматига топширди. Айни таклифларга оид тафсилотлар ҳали маълум қилингани йўқ.
Тахмин қилинишича, Эрон июнь ойи охирига қадар бу таклифларга жавоб айтиши керак.
Германия канцлери Ангела Меркел ва Ҳавьер Солана ўртасидаги учрашувдан сўнг улар Эрон билан музокаралар ижобий томонга силжиши мумкинлигига умид билдирди.
“Бу жуда жиддий таклиф. Боиси, бу таклиф халқаро жамоатчилик –Европанинг уч етакчи давлати, АҚШ, Россия ва Хитой томонидан илгари сурилди. АҚШ ҳукумати эса биз ҳам қўллаб-қувватлаган шартлар асосида музокарага киришишга розилик берди. Шу боис, фикримча, Эрон бу таклифларни жиддий қараб чиқишига тўғри келади”, - деди Германия канцлери А.Меркел.
Шунингдек, АҚШ президенти Жорж Буш ҳам “агар Эрон уранни бойитиш ҳаракатларини тўхтатиш ва буни назорат қилиш имконини бериш мақсадини билдирса”, Оқ уй у билан музокаралар бошлашга тайёрлигини маълум қилди.