“Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг Ироқдаги раҳбари Абу Мусаб ал-Зарқавий АҚШ ҳарбийлари амалга оширган маҳсус операция натижасида ўлдирилди.

“Бугун ал-Зарқавий йўқ қилинди”, – деб баёнот берди Ироқ бош вазири Нурий Комил ал-Маликий.
АҚШ президенти Жорж Буш ҳам ал-Зарқавийнинг ўлдириши “адолатли” эканини таъкидлади.
“Зарқавий йўқ қилинди. Аммо Ироқда оғир ва мураккаб миссияни амалга ошириш давом этади. Биз террорчи ва исёнчилар усиз ҳам зўравонликлар қилаверади, мазҳаблараро курашлар яна давом этади, деб ўйлаймиз. Аммо террор ғояси ўзининг кўзга кўринган ёвуз раҳбарларидан бирини йўқотди. Зарқавийнинг ўлими “Ал-Қоида”га берилган қақшатқич зарбадир”, – деди Ж.Буш.
АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд Зарқавийнинг ўлдирилиши терроризмга қарши курашда эришилган “катта ғалаба”лигини билдирди.
Буюк Британия бош вазири Тони Блэр ҳам Абу Мусаб ал-Зарқавийнинг ўлдирилиши бутун дунёдаги “Ал-Қоида”га берилган зарба эканини айтди. Австралия бош вазири Жон Ҳовард ҳам шу каби баёнот берди.
Афғонистон президенти Ҳомид Карзай эса Зарқавий ўлдирилиши терроризмга қарши берилган “кучли зарба” эканини таъкидлади.