Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Исроил билан ёнма ён Фаластин давлатини барпо этиш бўйича референдумни 26 июлда ўтказишга қарор қабул қилди.

Кўпчилик мустақил Фаластин давлати барпо этилишини қўллаб қувватлаши кутилмоқда. Аммо, иқтидордаги "Хамас" ҳаракати бу юзадан эътироз билдирган. Аббос референдум кунини эълон қилишидан бир соат олдин "Ҳамас" Исроил билан норасмий тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Исроилнинг Ғазода амалга оширган ҳаво зарбаларига жавобан Фаластиннинг "Хамас" гуруҳи шундай қарорга келган. Бу гуруҳ 16 ойдан бери Исроил билан ахдлашувга тўла бўйсуниб келаётганди. Аммо Исроилнинг жума кунги ҳужумига жавобан, Ҳамас тонг саҳарда Ғазодан Исроил жанубига қараб бир неча ракеталар отганини маълум қилди. Исроил армияси камида учта ракета отилганини қайд қилгани, аммо уларнинг ҳеч бири Исроил ҳудудига тушиб, қандайдир зарар етказганидан хабари йўқлигини айтган. Исроилнинг жума кунги ракета зарбалари оқибатида Ғазо минтақасида етти киши, жумладан бир қанча ёш бола нобуд бўлган эди. Ушбу воқеадан сўнг Фластинда мотам эълон қилинди ва "Хамас" қуролли ҳаракати Исроил билан тинчлик ахдлашуви бузилганини эълон қилди. Фаластиннинг айрим шаҳарларида Исроилга қарши норозиликлар ҳам бўлиб ўтди.
"Ислом қаршилик ҳаракати уюштираётган бу намоишлар Фаластин халқи ўз тамоил ва ҳуқуқларига содиқ қолаётганини намаён этиш мақсадида ўтказилаётир. Қон тўкишлар давом этаётган, қонга беланган ёш болалар ва аёлларни кўриб биз жим тураолмаймиз", - деди "Хамас" вакили Абу Зухри.
Исроил томони эса жума кунги ҳужумлар Ғазодан Исроилга қарши кутилаётган ракета зарбалари олдини олиш мақсадида амалга оширилганини билдирди.
"Мана бир неча кундирки шаҳарларимиз, фуқароларимиз ракета ҳужумларига учрамоқда ва бу ҳужумларга "Хамас" жавобгар. Бунга чек қўйилиши керак", - деди Исроил Ташқи ишлар вазирлиги.