Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари 15 июн куни Хитойда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида учрашадилар.

Иқтисодий ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни яхшилашни асосий мақсад қилган бу ташкилот тузилганига беш йил тўлди. Саммит давомида хавфсизлик ва транспорт соҳасида келишувлар имзоланиши ҳамда гиёҳванд моддалар етиштирилишига қарши курашда Афғонистон ҳукуматига қандай амалий ёрдам бериш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. Саммитда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти раислигини Қозоғистон қабул қилиб олади.
Ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Эрон, Мўғилистон ва Покистон президентлари ҳам саммитда қатнашади. Кузатувчи мақомига эга бўлган яна бир давлат Ҳиндистон эса саммитга юқори даражали ҳукумат делегациясини жўнатган. Афғонистон президенти Ҳамид Карзай учрашувда меҳмон сифатида иштирок этади.
Саммит арафасида Хитой Душанбе расмийлари билан Тожикистонда катта йўли қуриш ҳақидаги шартномани имзолади ва Қозоғистондаги гидро электр станцияси қурилишини молиялаштириш режасини эълон қилди. Шунингдек, Пекин расмийлари мусулмон уйғур сепаратчиларига қарши курашда Ўзбекистоннинг қўллаб-қувватлашига ҳам эришди.