АҚШ ва Япония Шимолий Кореяни узоқ масофага учадиган ракета яратиш дастуридан воз кечишга чақирди.

Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Шимолий Корея якшанбага қадар АҚШ ҳудудигача учиш имкониятига эга бўлган ракета синовини ўтказишни режалаган.
16 июн куни АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Сийн Мак Кормак бундай синов ўтказилиши Шимолий Кореянинг 1999 йилда қабул қилган узоқ масофага учадиган ракета синовига мораторий эълон қилиш тўғрисидаги хужжатга зиддир, деди.
“Биз сўнгги кунлар ичида минтақа ҳамда бошқа жойлардаги иттифоқчиларимиз билан маслаҳатлашув ўтказдик. Бизнинг ва иттифоқчиларимиз дипломатияси ракета синовини ўтказиш провокация акти экани, бу улар манфаатига хизмат қилмаслиги ҳамда мамлакат кўпроқ яккалаб қўйилишига туртки бўлиши мумкинлигини Шимолий Кореяга аниқ ва равшан билдирдилар”, – деди АҚШ Давлат департаменти расмийси.
Япониянинг “Киодо” ахборот агентлигидан олинган сўнгги хабарларга кўра, Шимолий Корея расмийлари ракета синови ўтказилиши мўлжалланаётгани ҳақидаги маълумотни рад этган.