Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ироқдаги жангари гуруҳлар томонидан Интернетга қўйилган, россиялик дипломатларнинг қатл қилиниши тасвирлангани айтилаётган видеоёзувнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдирди.

У бу видеоёзувга таяниб, дипломатларнинг ўлдирилишига ишонишга ҳали эрта эканини таъкидлади.
Айни пайтда видеоёзув экспертлар томонидан ўрганилмоқда.
Россиянинг Ироқдаги элчихонаси тўрт ходими 3 июнь куни Бағдод шаҳрида ўғирлаб кетилган эди. Уларни ўғирлаган террорчи гуруҳ гаровга олинганларнинг озод этилиши эвазига Россиядан Чеченистондаги қўшинларини олиб чиқиш ва қамоқдаги мусулмон маҳбусларни озод қилишни сўраган.