ҲРУ ташкилоти Туркманистонда ҳибсга олинган Озодлик мухбири ва ҳуқуқ ҳимоячилари тақдири хусусида хавотир билдирди.

Ташкилотнинг Москва ваколатхонаси раҳбари Аллисон Гил бу одамларнинг ҳибсга олиниши Туркманистонда эпидемия тусини олган репрессияларнинг яна бир кўриниши ва ҳукуматнинг ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга уриниш, дея баҳолади.
“Бу хақларо қонунларнинг бузилишидир. Ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналист ҳамда уларнинг яқинлари қийноқларга солиниши мумкинлигидан хавотирдамиз. Уларга ўз яқинлари ва адвокатлар билан учрашиш имкони берилмаяпти. Мазкур вазиятда улар қийноққа солинишлари мумкин, чунки улар милиция ходимларидан ташқари ҳеч кимни кўрмайди”, - деди ҲРУ вакили.
Ҳисбга олинганлар орасида Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси инсон ҳуқуқлари ташкилотининг аъзолари Аннақурбон Омонқиличев ва Елена Овезова ҳамда Озодлик мухбири Оғулсапар Муродова ва унинг уч нафар катта ёшдаги фарзандлари бор. Бундан ташқари, Туркманистон Ҳелсинки жамғармаси раисининг қайноғаси Сапардурди Хожиев ҳам ҳибсга олинган.