Исроил ҳукумати ХАМАС ҳаракатининг тўрт аъзосини Шарқий Қуддусда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

Бу тўрт шахсдан бири Фаластин мухториятида вазир, уч нафари эса парламент депутатидир. Улар кеча Иордан дарёси ғарбий соҳилида олиб борилган ҳарбий амалиётлар чоғида ХАМАСнинг яна бошқа ўнлаб таниқли вакиллари қатори Исроил ҳарбийлари томонидан қўлга олинган.
Исроил билан Фаластин ўртасидаги низонинг кутилмаганда тез суръатлар билан ўсиши халқаро жамоатчиликни қаттиқ хавотирга солмоқда. Хусусан, БМТнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили Алваро де Сото янги низоларга сабаб бўлган ҳодиса - исроиллик ҳарбийнинг Фаластин қуролли гуруҳлари томонидан қўлга олинишини кескин танқид қилди.