Икки нафар АҚШ элчихонаси ходими Қирғизистондан чиқариб юборилди.

АҚШ элчихонасининг тасдиқлашича, қирғиз томони икки нафар америкалик дипломат ўз ваколатидан ташқари ишларни қилганликда айбланган.
“Қирғизистон томонига кўра, элчихона ходимлари нодавлат ташкилотларининг раҳбарлари билан номақбул муносабатда бўлишган”, – дейилади АҚШ элчихонаси тарқатган хабарда.
Аммо АҚШ томони мазкур иддаоларни ҳақиқатдан йироқ дея рад этади.
АҚШ элчихонаси баёнотига кўра, “Элчихона вакилларига қарши қилинган ушбу айбловлар мамлакатдаги элчихоналарни қўрқитиш ёки фуқаролик жамияти овозини ўчириш, деб талқин этилиши мумкин”.
Қирғизистон оммавий ахборот воситалари мамлакат миллий хавфсизлик хизматига таяниб хабар қилишича, америкалик мазкур икки дипломат мустақил Қирғизистон давлатининг ички ишларига ҳаддан зиёд аралашгани учун мамлакатдан чиқариб юборилди.