АҚШ ҳамда Британия Яқин Шарқда авж олган ҳозирги зўравонлик учун бор айбни “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи зиммасига юкламоқда.

Петербург шаҳридаги катта саккизлик давлатлари саммитида қатнашаётган икки давлат етакчилари экстремистлар ортида Сурия ва Эрон турибди, деб таъкидлаб ўтди.
АҚШ президенти Жорж Буш, жумладан, шундай деди: “Ҳозирги низога дахлдор бўлган аҳамиятли жиҳатлардан бири – унинг Яқин Шарқдаги беқарорликнинг асл илдизидан тутганидир. Мен “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ва унинг Сурия билан алоқадорлигини назарда тутаяпман. Шу боис, бу муаммони ҳал қилиш учун унинг илдизларига эътибор қаратиш керак”.
Британия Бош вазири Тони Блэр “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини Яқин Шарқда барқарорлик ўрнатиш жараёнини издан чиқаршига интилишда айблади.
“Низонинг бош сабаби шуки, бу ерда икки давлат хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган Исроил ҳамда, том маънода, мустақил бўлган Фаластин давлатининг тинч мавжудлигини истамайдиган экстремистлар бор. Уларнинг ортида Сурия ва Эрон турибди. Экстремистлар бу ерда таранг вазият ва душманлик кайфиятини қўзғатиш учун Ливаннинг тинчини бузмоқчи ”, - деди Британия Бош вазири Тони Блэр.