Москвада бугун ва эртага Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг норасмий саммити бўлиб ўтади.

Россия президенти Владимир Путин ташаббусига кўра ўтказилаётган ушбу учрашувда МДҲни ислоҳ қилиш масаласи мухокамалар марказида бўлади. Шунингдек, ташкилотнинг куз ойларида бўладиган саммити билан боғлиқ айрим масалалар мухокама этилади. Россия ахборот агентликларига кўра, саммитда Владимир Путиннинг МДҲ етакчиларига "катта саккизлик"нинг Санкт Петербургда ўтган саммити якунлари бўйича ҳисобот бериши кутилмоқда.
Айни пайтда Москвада ўтажак ушбу саммит пайти Грузия президенти Михаил Саакашвилининг Россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан яккама-якка учрашиши ва Россия тинчликпарвар кучларининг Обхазия ва Осетиядан олиб чиқилишини мухокама этиши кутилмоқда. Ушбу хафта Грузия парламенти Россия кучларининг ушбу худуддан олиб чиқилишини ёқлаб овоз берган эди. Жаноб Саакашвили унинг ҳукумати бу борадаги тўла тўкис қарорни Путин билан маслаҳатлашувдан сўнг беришини айтган.