Москвада мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг норасмий саммити бўлиб ўтмоқда.

Бироқ, норасмий саммитга ташкилотга аъзо барча мамлакат раҳбарларининг келиши кутилаётганига қарамасдан, йиғилиш бошланишидан бир неча соат аввал, унга аъзо давлатларнинг баъзилари қатнашмаслиги аниқ бўлди.
Грузия Президенти Михаил Саакашвили Москвадаги учрашувга бормаслигини маълум қилди. Айтилишича, бунга Кремл раҳбарининг Грузиялик ҳамкасби билан учрашишдан бош тортганлиги сабаб бўлган. Аввалроқ хабар қилинганидек, икки президентнинг икки томонлама алоқалардаги қийинчиликарни муҳокама этиш учун учрашиш кутилган эди.
Украина президенти Виктор Юшченко мамлакат ичидаги сиёсий вазият туфайли Москвадаги учрашувга бора олмаслигини айтди.
Арманистон Президенти Роберт Кочарян ҳам, касаллиги туфайли МДҲ саммитига келмади.
Туркманистон Президенти Сапармурат Ниёзовнинг эса, учрашувга келмаслиги аввалдан маълум эди.
МДҲга раислик қилувчи Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев тузилма қийин дамларни бошдан кечираётганини айтди. Қозоқ етакчиси ташкилотни жонлантириш ва аъзолар учун жозибадорлигини ошириш мақсадида МДҲнинг 15 йиллик тўйини Қозоғистонда нишонлашни таклиф қилди.
Москвадаги саммитда саккиз президент қаторида Ўзбекистон раҳабари Ислом Каримов ҳам қатнашмоқда. Президент Каримов саммитда қатнашиш истагини биринчилардан бўлиб билдирган эди.