Ўзбекистон адлия вазирлиги яна бир АҚШ нодавлат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти тақиқлади.

Ўзбекистон ҳукуматининг нодавлат ташкилотларига қаратилган кампаниясининг навбатдаги қурбони ислом динини бузиб кўрсатганликда айбланган “Винрок Интернейшл” ташкилоти бўлди. 22 июл куни ташкилот раҳбариятидан зудлик билан мамлакатни тарк этиш талаб этилди.
Бугунги кунгача дунёнинг 65 давлатида фаолият юритиб келган “Винрок” ташкилоти Ўзбекистонда мустақил фермерларни қўллаб қувватлаш ҳамда қишлоқ аёллари учун бир ҳил меҳнат шароитларини яратиш дастурлари устида иш олиб борар эди. Ўзбекистон Адлия вазирлиги ташкилотни ёпиш учун 2003 йилда якунланган “Ислом ва аёллар” дастурини сабаб қилиб кўрсатган. Ушбу дастур доирасида ташкилот “Ислом ва аёллар” китобини нашр этишга ёрдам берган эди. Аммо ҳукуматнинг қарори “Винрок” ташкилотини ажаблантирмаган кўринади.
Ўзбекистон ҳукумати сўнгги бир неча ой давомида турли важлар билан мамлакатда фаолият олиб борган ўнлаб Ғарб нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини чеклади. Ғарб нодавлат ташкилотларини синчковлик билан текшириш амалиёти давом этмоқда.