Бугун Венада Косовонинг келажакдаги мақоми юзасидан биринчи бор олий даражадаги сўзлашувлар бўлиб ўтди.

Музокараларда Сербия томонидан президент Борис Тадич ва ҳукумат раиси Воислав Коштуница, Косоводан эса президент Фатмир Сейдию ва бош вазир Ағим Секулар қатнашди.
Томонлар вакиллари, кузатувчиларга кўра, сўзлашувлар бошланиши олдидан бир-бирови билан қўл бериб кўришишди.
Косово аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи албанлар ўлкага мустақиллик берилишини талаб қилмоқда. Белград эса, Косовони Сербия таркибида олиб қолишга ҳаракат қилмоқда.
1999 йилдан буён Косово Халқаро кучлар назорати остида. Шу пайтгача Косово келажаги бўйича музокаралар БМТ воситачилигида ўтказилаётган эди.