Европа ва араб давлатлари душанба куни яна бир бор Ливанда ўт очишни зудлик билан тўхтатишга даъват қилди.

Франция бош вазири Доминик де Вильпен ўт очишни тўхтатиш Исроил – Ливан можаросини бартараф этиш учун дастлабки қадам бўлиши лозим, деб баёнот берди.
”Зиддиятни бартараф этиш учун Исроилга ракета отиш, Ливанни бомбардимон қилишни тўхтатиш, қўлга олинган аскарларни озод қилиш юзасидан сўзлашувларни бошлаш ва Ливаннинг барча ҳудудларини марказий ҳокимият назоратига ўтказиш тўғрисидаги 1559 резолюцияни бажариш лозим”, - деди Франция бош вазири душанба куни Мант ля Жоли шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида.