Қозоғистондаги мухолифат раҳбарларидан бири Олтинбек Сарсенбаевга суиқасд уюштиришда айбланган Рустам Ибрагимов Сенат раиси Нуртой Абикаев ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси Нортой Дутбаевлар феврал ойида содир этилган қотиликка алоқадор эканлигини иддао қилди.

Сарсенбаев ва унинг икки нафар ёрдамчисини ўлдирганликда айбланаётган Ибрагимовнинг иддао қилишича, суиқасд уюштирилган пайтда Абикаев ва Дутбаевлар президент Нурсултон Назарбоевни ҳокимиятдан ағдаришни ҳам режалаганлар.
Июн ойи ўртасидан бери ўн нафар фуқаро Сарсенбоевнинг ўлимига алоқадорлик айблови билан судланди. Улар орасида хавфсизлик хизмати ходимлари ва Сенат расмийси Ержан Утембаев ҳам бор. Утембаев суиқасд уюштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Қозоғистонда кўпчилик Сарсенбаев сиёсий сабабларга кўра ўлдирилган, деган фикрда.