Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини Озодлик радиосининг Наманган шаҳридаги собиқ мухбири Носир Зокирни таҳқирлашни тўхтатишга чақирди.

Қўмита чиқарган баёнотга кўра, “хавфсизлик хизмати ходимини ҳақорат қилганлик” айблови билан олти ой қамоқ жазосини ўтаган Носир Зокирнинг уйида ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари ўтган ой тинтув ўтказиб, унинг мулкини мусодара қилган.
“Чегарани бузиб Қирғизистонга ўтишга уринганлик” айблови бўйича жавобгарликка тортилган Носир Зокирнинг ўғли Зоҳид Зокиров 770 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлаши ҳақида суд қарор чиқарган. У бу маблағни тўлай олмагани учун Зокировларга тегишли мулк мусодара қилинган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини мусодара қилинган мулк Зокировларга дарҳол қайтариб беришга чақирди.