Россия Бош прокуратураси Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилиниб Ўзбекистон томонидан қидирувда бўлган 13 шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш ҳақида буйруқ берди.

“Российская газета”нинг хабар қилишича, экстрадиция қилинишни кутаётган Иваново вилоятидаги 13 шахсдан бири Қирғизистон фуқароси Маъмуржон Тоштемировдир. Газета хабарида қолганлар 12 шахс Ўзбекистон фуқаролари экани ва улар 2005 йил июн ойидан бери ҳибсда сақланаётгани билдирилган. Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилоти шу ҳафта бошида Тоштемировни экстрадиция қилишга 27 июл куни рухсат берилгани тўғрисида маълумот тарқатган эди. Тоштемировнинг адвокатига кўра, Андижон воқеалари содир бўлган пайтда у Туркияда бўлган. Маъмуржон Тоштемиров тижорат сафари билан Ивановога борганда қўлга олинган. “Российская газета”нинг яна маълум қилишича, ҳибсда сақланаётган шахсларнинг ҳаммаси БМТнинг қочқин мақомига эга.