Мусулмон давлатлар Ливанда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақида резолюция қабул қилиш ва уни амалга жорий қилишни БМТдан талаб қилмоқда.

Малайзиянинг Путражая шаҳрида Ислом Конференцияси ташкилотига аъзо давлатлар Яқин Шарқ бўҳронига бағишланган махсус сессия ўтказди. Йиғилишда қатнашган Фаластин Ташқи ишлар вазири Фаруқ Каддуми: “Барча мусулмон давлатлар Фаластин ва Ливанга нисбатан уюштирилаётган ҳужумлар ва босқинга бир овоздан қаршилар. Бизнингча, БМТ Хавфсизлик кенггаши чора кўриши лозим. Акс ҳолда, бу уруш алангаси бошқа давлатларга ҳам ёйилиши мумкин”, – деди. Йиғилишда чиқиш қилган Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажод мусулмон ва араб давлатларини Исроил билан барча сиёсий ва иқтисодий алоқаларни узишга чақирди.