Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланган 14 фуқаро етти йилдан 12 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳининг билдиришича, Тўйтепа суди “қора курси”да ўтирганларни фаолияти тақиқланган “Ҳизб ут-таҳрир” радикал диний гуруҳига аъзолик ва экстремистик варақалар тарқатишда айбдор топиб, 3 август куни ҳукм чиқарган.

Диссидент шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан устидан Тошкентда давом этиши кутилаётган суд мажлиси эса келаётган чоршанбага қолдирилди.
66 ёшли Дадахон Ҳасан президент Ислом Каримовни ҳақорат қилганлик ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солганликда айбланган. Аммо инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг судга тортилиши Андижондаги қонли воқеаларга бағишлаб қўшиқ ёзгани билан боғлиқлигини айтмоқда.