АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ричард Баучер 9 август куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди.

Ғарб ахборот агентликлари хабарига кўра, Баучер 2005 йил май ойида Андижонда содир бўлган қонли воқеаларга ишора қилиб Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятдан АҚШ “жиддий хавотирда экани”ни билдирган. Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилишига рухсат бермаган. Ўзбекистон раҳбари билан учрашувдан сўнг Баучер АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларида ҳозиргача ўз ечимини топмай келаётган муаммолар борлигини айтган.