Европа Иттифоқи ҳамда ЕХҲТ - Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислари Қирғизистон ҳукуматини беш нафар андижонлик қочқинни Ўзбекистонга бериб юборгани учун танқид қилди.

Ҳозирда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Финляндия Қирғизистон ҳукумати қарори БМТнинг 1951 йилда қабул қилинган “Қочқинлар ҳақидаги конвенцияси”ни қўпол равишда бузиш эканини маълум қилди.
ЕХҲТга раислик қилаётган Белгия Ташқи ишлар вазири Карел де Гухт эса Қирғизистон халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаганидан жиддий хавотирда эканини билдирди.
Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Алибек Жекшенқулов эса беш нафар андижонлик қочқинни Ўзбекистонга бериш тўғрисидаги қарорни оқлашга ҳаракат қилиб: “Бундан ҳеч ким фожеа ясаши керак эмас”, - дея баёнот берди.
Жекшенқулов 9 август куни эълон қилинган ҳукумат қарори юридик асосга эга эканини билдирди. “Ушбу беш фуқаро масаласида гапирадиган бўлсам, Бош прокуратура Ўзбекистон Бош прокуратураси тақдим этган далилларга асосланиб қарор чиқарган”, – деди Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Алибек Жекшенқулов.