Қозоғистоннинг Талдиқўрғон суди мухолифатнинг таниқли етакчиси Алтинбек Сарсенбаевнинг ўлдирилиши юзасидан суд мажлисини 21 августга қолдирди.

Мухолифатчини ўлдирганликда айбланиб, 10 киши судланмоқда. Суд мажлиси ҳимоя томонининг тайёргарлик учун муддат сўрагани боис танаффус эълон қилди.
Сарсенбаев ва унинг тан қўриқчиси ҳамда ҳайдовчиси шу йил феврал ойида ўлдирилган эди.
Давлат қораловчиси Владимир Кириленко 10 август куни икки асосий айбланувчи – собиқ сенат расмийиси Ержан Ўтембаев ҳамда собиқ хавфсизлик хизмати вакили Рустам Ибрагимовга ўлим жазоси берилишини сўраган эди.
Унга кўра, Ўтембаев бу қотиллик учун буюртма берган, Ибрагимов эса буни амалга оширилишига бош бўлган. Бироқ, ҳар икки айбланувчи бу айбловни инкор қилмоқда.
Мухолифат вакили эса таниқли мухолифат етакчиси Сарсенбаевнинг ўлдирилиши ҳукумат томонидан буюртма асосида амалга оширилган, деган қатъий ишончда турибди.