Қўшма Штатлар Теҳрон БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюциясига амал қилмаса, Эронга нисбатан санкциялар жорий этиладиган яна бир бор огоҳлантирди.

Бу ҳақда Оқ уй матбуот вакили Эмили Лоримор баёнот берди.
Айни пайтда, кеча БМТ бош котиби Кофи Аннан Теҳронни, унга уранни бойитиш ишларини тўхтатиш эвазига дунёнинг йирик давлатлари таклиф этаётган имтиёзлар пакетига рози бўлишга чақирди.
Аннан ўз баёнотида, Эрон ҳукуматини ядровий бўҳронда узоқ муддатли ечимга эришиш мақсадида “тарихий имкониятдан” фойдаланишга чақиришини таъкидлади.
Эрон ҳукумати Қўшма Шататлар, Россия, Хитой, Франция, Британия ва Германия томонидан илгари сурилган таклифга сешанба кунгача жавоб берадигани маълум қилган эди.
Бироқ кеча, Эрон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ҳамид Ризо Осифий ўз мамлакатининг уранни бойитиш ишларидан воз кечиш нияти йўқлигини яна бир бор таъкидлаб, баёнот берди.
“Уранни бойитиш ишларини тўхтатиш масаласи ўтмиш баҳсидир. Биз уранни бойитиш ишларини тўхтатиш ниятида эмасмиз. Уранни бойитишни тўхтатиш масаласи Эрон Ислом жумҳуриятининг кун тартибида йўқори”, - деди Осифий Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида.
БМТ хавфсизлик кенгаши Эрондан 31 августга қадар ураннинг боийтиш ишларини тўхтатишни талаб қилувчи резолюцияни қабул қилган. Акс ҳолда Эронга нисбатан санкциялар жорий қилиниши мумкин.
Шунингдек, Эрон ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, яқин ҳафталар ичида БМТ бош котиби Кофи Аннан ядровий бўҳронни муҳокама этиш учун Теҳронга келади.