АҚШ президенти Жорж Буш халқаро ҳамжамиятни БМТ Хавфсизлик кенгаши орқали Эроннинг ядровий амбицияларига чора кўришга чақирди.

Бугун оқ уйда матбуот анжумани берган президент Бушнинг таъкидича, АҚШ ҳукумати Эрон билан дипломатик муносабатларни сақлаш йўлида дунёнинг бошқа давлатлари билан бирга иш олиб боради.
Теҳроннинг 31 август кунига қадар БМТ Хавфсизлик кенгашига ўз якуний жавобини бериши кераклиги ҳақида гапирар экан, АҚШ президенти шундай деди:
“Биз бу борада айрим ишораларни ола бошладик. Бироқ, биз расмий жавобни кутамиз. БМТ қарорига кўра, биз 31 август куни яна шу масалага қайтамиз. Мен эса яна бир бор ўз дўстларимиз ва иттифоқчиларимизга Эронда ядровий қуроли бўлиши мумкинлиги ҳавфини эслатмоқчиман”, - деди АҚШ президенти.
Кеча Эрон Ташқи ишлар вазири Ҳамид Ризо Осифий мамлакат музокараларга тайёрлиги, бироқ, ядровий тадқиқотларни тўхтамаслигини айтиб, баёнот берди.
Осифийнинг сўзларига кўра, сешанба куни расмий Теҳрон халқаро ҳамжамият берган таклифлар бўйича ўз якуний жавобини айтади.



* * * * * * * * * *