Туркманистон расмийлари “Озодлик” радиосининг мухбирини судга тортиш ниятида эканини маълум қилди.

Оғулсапар Муродова шу йилнинг июн ойида икки нафар ҳуқуқ ҳимоячиси билан биргаликда ҳибсга олинган эди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Туркманистоннинг бу ҳаракатини кескин қоралаган.
Муродова билан ҳибсга олинган ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири ноқонуний тарзда қурол сақлаганликда айбланмоқда ва 25 август куни унинг устидан суд бошланиши кутилмоқда.
Озодлик мухбири Муродовага ҳеч қандай айблов эълон қилингани йўқ, лекин унинг суди яқин кунларда бошланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия ташкилоти ҳибсга олинганларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлишаётганидан хавотир билдириб, Туркманистон расмийларини уларни озод этишга чақирган.