АҚШ Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бедарак йўқолган икки нафар андижонлик қочқин тақдиридан “жиддий ташвиш”да эканини билдирди.

Бишкекдаги Америка элчихонаси матбуот вакили Азамат Абабакировга кўра, Вашингтон расмийлари Қирғизистон ҳукуматини икки нафар қочқин Ўзбекистонда ҳибсда сақланаётгани борасида текширув ўтказишга чақирган:
“БМТ қочқинлар идораси ва Қирғизистондаги ноҳукумат ташкилотлари маълумотига кўра, сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилган ўша икки шахс ҳозирда Ўзбекистоннинг Андижон шаҳрида ҳибсда сақланмоқда. Биз Қирғизистон ҳукуматини бу маълумотни дарҳол ва пухта ўрганиб чиқишга чақирамиз. Биз Қирғизистон ҳукуматини қочқинлар ва қочқинлик мақоми берилишини кутаётган барча одамлар хавфсизлиги ва ҳуқуқларини таъминлаш учун лозим чоралар кўришга чақирамиз”, – деди Бишкекдаги АҚШ элчихонаси вакили.
Гувоҳларга кўра, ўзини Қирғизистон хавфсизлик хизмати ходимлари деб таништирган шахслар Валижон Бобожонов ва Сайдулло Шокировни ўтган ҳафта уларнинг Ўшда яшаётган уйидан олиб кетган. Бироқ Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари бу икки шахс бедарак йўқолгани воқеасига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.