Ғазода икки ҳафтадан бери тутқинликда ушлаб турилган Американинг “Фокс ньюс” телеканали мухбирлари озод этилди.

АҚШ фуқароси Стив Сентанни ҳамда Янги Зеландиялик Олаф Уиг 14 август куни Ғазода шу пайтгача номаълум бўлган “Муқаддас Жиҳод Лашкарлари” гуруҳи томонидан ўғирлаб кетилган эди. Гаровгирлар Қўшма Штатлардан барча мусулмон махбусларни озод этишни талаб қилган эди.
Озод этилишидан аввал, икки журналист ўзларининг Ислом динини қабул қилгани ҳамда мусулмон номларини олгани ҳақидаги баёноти тасвирга туширилган видео тасма эълон қилинган эди.
Озод этилганларидан кейин мухбирлар буни тўппонча тазийқи остида айтганларини таъкидлади. Журналистлар гаровгирлар уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлганларини, қўллари ва кўзларини боғлаб қўйганларини гапириб берди.
Иккала журналист ҳам, ўзлари кечирган азоб-уқубатлари бошқа мухбирларни Ғазодаги воқеаларни ёритиш ниятидан қайтармасликка умид қилишини айтди.
“Мени хавотирга солаётгани биз бошдан кечирган воқеалар бошқа ҳорижий журналистларнинг бу ерга келиб, воқеаларни ёритиш ниятидан қайтариши мумкинлигида. Бу эса, Фаластин халқи учун ва айниқса Ғазо халқи учун катта фожеа бўлади”, - деди Фокс оператори Олаф Уиг.
Собиқ тутқинлар бугун Фаластин бош вазири Исмоил Ҳония билан учрашди. Ҳония гаровгирларнинг Ал-Қайда гуруҳига алоқаси бўлмаганини таъкидлади.