БМТ бош котиби Кофи Аннан Теҳронда ўтказилган матбуот анжуманида Эронда Холокост мавзусига бағишланган карикатуралар кўргазмаси борасида ўз хавотирларини изҳор этди.

Унинг айтишича, фикр эркинлиги эҳтиром ва андишалик билан билдирилиши лозим.
“Менимча, Холокост ачинарли ҳамда инкор қилиб бўлмайдиган тарихий фактдир. Шунинг учун биз уни тўғри қабул қилиб, ўз фарзандларимизни Иккинчи жаҳон уруши қайтарилмайдиган тарзда тарбиялашимиз керак”, - деди Кофи Аннан.
Аммо бу борада Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадийнажот ўзга бир ғояни илгари суради. Унинг таъкидлашича, Иккинчи жаҳон уруши давомида фашистлар томонидан ишғол этилган Европада 6 миллион яҳудийнинг ўлдирилиши афсонадир.
3 сентябрь куни Эрон томони Холокост бўйича тўпланган илмий далилларни текшириш бўйича халқаро анжуман уюштиришини маълум қилди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили ушбу анжуманда Холокост хақиқатини ёқлаётганлар ҳам, унга қарши чиқаётганлар ҳам таклиф этилишини билдирди.
Бироқ ҳозирча Холокост мавзусига бағишланган ушбу анжуман қаерда ва қачон уюштирилиши аниқ эмас.