Бағдодда 33 нафар ироқлик суиқасд қурбони бўлди.

Ироқ полициясига кўра, улар мазҳаблараро зўравонликлар қурбони бўлган. Шунингдек, 4 сентябр куни Ироқда икки нафар британиялик ҳарбий ҳам нобуд бўлгани маълум қилинди.
Ироқ ҳукумати кучлари пойтахт Бағдод ташқарисида исёнчиларга қарши ўтказган операциялар давомида 14 террорчини ўлдирди. Бош вазир Нурий ал-Маликий идораси тарқатган баёнотга кўра, Ироқ ҳукуматига қарашли кучлар Бағдоддан жанубда жойлашган суннийлар яшайдиган минтақада операциялар ўтказмоқда. Охирги 24 соат ичида исёнларга алоқадорликда гумон қилинган 200га яқин шахс қўлга олинган.