Франция президенти Жак Ширак “Ал-Қоида” раҳбари Усама бин Лодин вафот этгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаганини маълум қилди.

Францияда чиқадиган "L'Est Republicain" газетаси мамлакат хавфсизлик хизматининг махфий ҳужжатига асосланиб, Саудия Арабистони разведка идораси Усама бин Лодин ич терлама касаллигидан ўтган ойда Покистонда вафот этгани ҳақидаги маълумотни қўлга киритгани тўғрисида хабар тарқатган эди. Франция махсус хизмати бу хабарни тасдиқлашдан бош тортди. Саудия расмийлари ҳам муносабат билдиргани йўқ. Франция Мудофаа вазирлиги махфий ҳужжат қандай қилиб оммага ошкор бўлгани юзасидан текширув ўтказишга буйруқ берди.
АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Шон МакКормак АҚШ Францияда тарқатилган маълумотни тасдиқлай олмаслигини билдирди.
Покистон ички ишлар вазири Офтоб Шерпао мамлакат хавфсизлик хизмати ҳам Усама бин Лодин ўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлай олмаслигини маълум қилди.