Рим Папаси Бенедикт XVI мусулмон давлатлар дипломатлари ва исломий жамоалар етакчилари билан учрашди.

Мулоқот чоғида Рим Папаси Ислом динини чуқур ҳурмат қилишини, шунингдек насронийлар ва мусулмонлар ўртасидаги диалог ҳаётий аҳамиятга эгалигини таъкидлади: “Мен дунёда юзага келган ҳозирги вазиятда, инсоният дуч келаётган муаммоларни ҳал қилишда насронийлар ва мусулмонлар бирга ишлашлари шарт деб ўйлайман”, – деди Бенедикт XVI.
Рим Папасининг ëзги қароргоҳи Кастел Гандолфо қасридаги учрашувда Ватикандаги йигирмадан ортиқ мусулмон давлатлар дипломатлари қатнашди. Улар орасида Эрон¸ Ироқ ва Туркия элчилари ҳам бор эди. Ватикан хабарига кўра, учрашувдан мақсад динлараро мулоқотни ривожлантириш. Бундан ташқари бу тадбир янги Папа сайланганидан бери мусулмон дунëси билан муроса қилиш учун ташланган илк қадамдир.
Ўзбекистон мусулмонлари собиқ муфтиси¸ шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратлари Рим Папасининг бу тадбирини мақулладилар.
Рим Папаси тарафидан Исломга қарши иқтибос келтирилгани мусулмон давлатларда кескин норозилик уйғотган эди. Душанба кунги учрашув ана шу норозиликни юмшатиш мақсадида уюштирилди.