АҚШ президенти Ироқ ҳақидаги махфий хулосаларнинг бир қисмини оммага ошкор қилди.

“Ироқ уруши мусулмон дунёсида кескин норозилик уйғотди ва исломчи экстремистлар ўз тарафдорларини кўпайтиришини осонлаштирди”. Бу АҚШ ҳукуматига тақдим этилган разведка маълумотидан иқтибос эди. АҚШ президенти Жорж Буш Ироқ ҳақидаги хулосаларни нотўғри талқин қилгани ҳақида матбуотда чоп этилган иддаоларга қарши сешанба куни кечқурун мана шу махфий маълумотни оммага ошкор қилиш ҳақида кўрсатма берди. АҚШнинг етакчи разведка мутахассислари хулосасига кўра, “Ал-Қайда” раҳбарларига жиддий талафот етказилганига қарамай, исломчи экстремистлар таҳдиди ҳам сон жиҳатдан кўпайган ҳам географик жиҳатдан кенгайган. Жорж Буш жиддий таҳдидни бартараф қилиш учун Ироқни босиб олиш ҳақида қарор қабул қилинганини айтди.
Ҳозирга қадар Ироқда АҚШнинг тахминан икки минг 700 ҳарбийси нобуд бўлди. Мамлакатда эса мазхаблараро зўравонликлар кун сайин кучаймоқда.