Пайшанба куни Словенияда НАТОга аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари йиғилиши бошланади.

Учрашувда Афғонистондаги НАТО кучларига қўшимча аскар ва ресурслар жўнатиш масаласи муҳокама этилиши кутилмоқда. НАТО давлатлари Афғонистонга яна икки минг аскар жўнатишни режалаган. Бироқ ҳарбий қўмондонлар ва ташкилот Бош котиби фикрича, Афғонистонга кўпроқ аскар жўнатиш керак бўлади.
Айни пайтда, Европа Мудофаа вазирларининг Тирана шаҳридаги йиғилишида сўзлаган АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд НАТО Афғонистонда ўз вазифасини бажаришига шубха қилмаслигини айтди: “Мен НАТО Афғонистонда ўз вазифасини тўлиқ бажаришига қатъий ишонаман. НАТО давлатлари ҳарбий қўмондонлар зарур, деб белгилаган талабларни сўзсиз қондиради, деб ўйлайман”, – деди АҚШ Мудофаа вазири.
Ҳозир Афғонистонда НАТОнинг тахминан 20 минг аскардан иборат тинчликпарвар кучлари бор. АҚШ ҳам Афғонистонга шунча куч жойлаштирган.