Грузия тўрт рус зобитини ҳибсга олгандан бир кун ўтиб Россия ўзининг Тбилисидаги элчисини чақириб олди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Грузияда ишлайдиган россияликлар ва оила аъзоларини уларнинг хавфсизлигига таҳдид ошаётгани важи билан қисман эвакуация қилишини билдирди.
Эвакуация жума куни бошланади ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги самолётлари ёрдамида амалга оширилади.
Бундан ташқари, Ташқи ишлар вазирлиги Россия фуқароларини Грузияга бормай туришга чақирди.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Грузиянинг ҳаракатларини “аксилроссия сиёсатининг яна бир кўриниши”, дея баҳолади.
“Буни аксилроссия сиёсатининг яна бир кўринишидан бошқа нарса, деб баҳолаб бўлмайди. Биз фуқароларимиз дарҳол қайтиб берилишини талаб қилдик. Ихтиёримиздаги барча воситалар ёрдамида уларнинг озод этилишига эришишга ҳаракат қиламиз”, - деди С.Лавров.
Россия ташқи ишлар вазири вужудга келган муаммони ҳал этишда БМТ Хавфсизлик кенгаши жалб этилиши лозимлигини ҳам таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 27 сентябрь куни Грузия ички ишлар вазири Вано Мерабишвили ҳибсга олинган тўрт рус ҳарбийси Россия ҳарбий разведкаси ходимлари бўлганини айтган эди. Грузия расмийси сўзларига кўра, Тбилиси ва Батумида рус зобитлари билан бирга яна ўндан зиёд одам жосусликда айбланиб ҳисбга олинган.