Грузия ҳукумати жосусликда айбланиб ҳибсга олган тўрт рус ҳарбийсини Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Тбилисига келган раиси Карел де Гуҳтга топширди.

Карел де Гуҳт бунинг учун Грузия президентига миннатдорлик билдирди.
“ЕХҲТ раиси сифатида Грузия президентининг яхши ниятда қабул қилган бу қароридан миннатдорман”, - деди ЕХҲТ раиси.
Рус ҳарбийларини топшириш маросими Грузия телевидениесида жонли эфирда кўрсатилди. Грузия расмийлари рус зобитларининг жосус эканини айтиб, улар Грузияга бошқа киритилмаслигини таъкидлади.
Ўтган ҳафтада тўрт рус зобитининг ҳибсга олиниши Москва ва Тбилиси ўртасидаги жиддий можарога сабаб бўлди.
Россия президенти Владимир Путин Грузияни “давлат миқёсидаги террорчилик ва гаровгирликда” айблади. Россия Тбилисидаги элчихонаси ходимларининг аксариятини олиб чиқиб кетди.
Грузия президенти Михаил Саакашвили Россия мазкур воқеа юзасидан ҳаддан ортиқ “эҳтиросга берилаётганини” таъкидлади. Тўрт рус зобити топширилгандан кейин берган баёнотида М.Саакашвили бу қарор Москва босими остида қабул қилинмаганига алоҳида урғу берди.
“Бу демократ дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз учун яхши ниятда қилинган қадам эди. Бу босим ва таҳдидларга жавобан қилинган қадам эмас. Чунки биз бунга ўрганиб кетганмиз ва қўрқмай қолганмиз, бундан кейин ҳам босим ва таҳдидларга қарамай, олға юриш ниятидамиз”, - деди М.Саакашвили.
ЕХҲТ раиси Карел де Гуҳт икки давлат ўртасидаги тарангликни юмшатиш учун Россияни ҳам муросали бўлишга чақирди.
В.Путин АҚШ президенти Жорж Буш билан телефон суҳбатида Грузия ва Эрон масалаларини муҳокама қилди.
Кремль тарқатган баёнотда айтилишича, В.Путин Оқ уй раҳбарини учинчи давлатларни Грузия ҳукумати томонидан “ўзининг бузғинчилик” сиёсатига рағбат сифатида тушунилиши мумкин бўлган “ҳар қандай ҳаракатлари” хавфли бўлишидан огоҳлантирган.
В.Путин матбуот вакили сўзларига кўра, телефон суҳбати Вашингтон ташаббуси билан ўтказилган.