Европа Иттифоқи Россия ва Грузияни ўзаро мулоқот ва нормал муносабатларни қайта тиклашга чақирди.

Душанба куни Тбилисига борган Еврокомиссия аъзоси Бенита Ферреро-Валднер Россия ва Грузия ўртасидаги можарога барҳам бериш учун воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.
"Ким айбдор, деган саволга мен жавоб бера олмайман. Ҳар икки томонга мурожаат этиб, барқарорлик ва яқин қўшничиликгина фойда келтиришини айтишим мумкин. Ҳар қандай низо мулоқот йўли билан ҳал этилади. Бунинг учун томонлар босиқлик намаён этишлари зарур. Грузия вакиллари билан музокаралар чоғи мен мана шуларни таъкидладим", - деди Бенита Ферреро-Валднер.
Қўшма Штатлар ҳам Россия, Грузияни "агрессив баёнотлар"дан тийилишга чақирди. Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган маълумотларга кўра, Владимир Путин АҚШ президенти Жорж Буш билан телефон суҳбатида учинчи давлатларнинг Грузия ҳукумати томонидан “ўзининг бузғинчилик” сиёсатига рағбат сифатида тушунилиши мумкин бўлган “ҳар қандай ҳаракатлари” хавфли бўлишидан огоҳлантирган. Грузия жосусликда айбланиб ҳибсга олинган Россиянинг тўрт ҳарбий зобитини душанба куни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ихтиёрига топширди.
Уларнинг ўтган хафта Грузияда хибс этилиши Москва ва Тбилиси муносабатларидаги кескинликни кучайтириб юборди. Душанба куни Россия расмийлари Грузия билан ўзаро автомобиль, ҳаво, денгиз ва темирйўл қатновини тўхтатишини эълон қилдилар. Шунингдек, Россия билан Грузия ўртасида почта алоқалари ҳам тўхтатилиши эълон этилди.