Грузия президенти Михаил Саакашвили "Миллий ҳаракат" деб аталувчи партияси пайшанба кунги маҳаллий бошқарув органларига ўтказилган сайловда ғолиб чиққанини эълон қилди.

Саакашвили сайловчилар орасида ўтказилган сўров натижаларига таяниб, партияси сайловчиларнинг 70 фоиз овозини қозонганини билдирди. Ҳозирча сайловнинг расмий натижалари эълон қилинмаган. Грузиядаги ижтимоий тадқиқотлар институти ўзи ўтказган сўровга таяниб, "Миллий ҳаракат" учун 56 фоиздан кўп сайловчи овоз берганини билдирди. Иккинчи ўринда Республика блоки ва Консерваторлар партияси. Бу партиялар саккиз фоиз овоз қозонган. Шунингдек, тўрт фоизлик тўсиқдан яна икки мухолифат партияси ўта олган. Мухолифат овоз беришда қўпол хатоларга йўл қўйилганини иддао қилмоқда. Марказий сайлов комиссияси эса, аксинча, сайловчиларнинг иштироки фаол бўлгани ва хатогарчиликлар сезиларсиз даражада бўлганини билдирди.