Қароргоҳи Нью Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзбекистонлик мустақил журналист Улуғбек Хайдаров олти йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинганидан жиддий хавотир билдирди.

5 октябр куни Жиззах шаҳар суди товламачиликда айбланган Улуғбек Ҳайдаровни айбдор, деб топиб олти йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарган эди. Хайдаров 14 сентябр куни бир аёл унинг чўнтагига 400 доллар пул солиб қўйганидан бир неча сония ўтиб ҳибсга олинган эди.
Ундан икки кун олдин Хайдаровнинг дўсти Жамшид Каримов бедарак йўқолган. Мустақил “Uznews.net” Интернет сайтининг шу ҳафтада тарқатган хабарига кўра, Жиззах суди Ўзбекистон президентининг жияни экани айтилаётган Жамшид Каримовни Самарқанддаги рухий касалликлар шифохонасида камида олти ой даволаниши ҳақида ҳукм чиқарган.